ЮРАГИМДА ҲИЛПИРАГАН БАЙРОҒИМ…
Аҳмад Хўжаевга
Булбуллари кеча-кундуз сайроғим,
Осмондаги ойдин ойдан ойроғим,
Юрагимда ҳилпираган байроғим,
Отажоним, Қайроғим,
Онажоним, Қайроғим!
Бойсун агар кўз бўлса, сен қошисан,
Бойсун бўлса тарози, сен тошисан,
Дуобанинг энг яқин қардошисан,
Отажоним, Қайроғим,
Онажоним, Қайроғим!
Фарҳодтоғда макон қурган Фарҳодим,
Мозийлардан етиб келган фарёдим,
Жаннатмакон юртдаги гулободим,
Отажоним, Қайроғим,
Онажоним, Қайроғим!
НОМЛАНМАГАН ШЕЪР
…Заъфарон япроқлар…
Арғувон боғлар…
Меҳрибон жилғалар…
Паҳлавон тоғлар…
Мунғайганча сақлайди сукут
нигоҳлари анҳор тубига
илдиз отган,
кўпни кўрган чол –
Мажнунтол…
Ҳувиллаб эсмоқда
юрагимнинг шўристонида
ҳеч кимсиз,
ва ҳеч кимсасиз
дайди бир шамол…
Дунё кетаётир
ўзининг тезюрар поездларида
Машриқдан Мағрибга,
жанубдан Шимолга қараб.
Дунё учаётир
ўзининг кайҳоний кемаларида
шамолга қараб…
Дунё кетаётир
кетгандек хаёл
бир зумда Машриқу Мағрибни кезиб.
Агрегат тишидай юраккинамни
бир киприк қоққунча
анордай эзиб…
Дунё учаётир
чап кипригимдай
тинимсиз,
унумсиз,
тўхтамай бир пас.
Эртага билмайман,
нелар кутмоқда
бечора қалбимни,
бир кас
ё нокас…
Дунё ўтаётир
Онамнинг юзида
очилаётган
ажинлар билан.
Отамнинг кафтидан
сочилаётган
оминлар билан…
Дунё ўтаётир
интернет деган
чексизу ҳудудсиз
галактикада
нурдан-да шиддатли
суръатлар билан.
Майлру,
Фейсбук
Яндексларга
йўл олган шафқатсиз
соатлар билан…
Дунё ўтаётир
мен билан
менсиз.
Дунё ўтаётир
гоҳида
сен билан
сенсиз…
… Заъфарон япроқлар…
Арғувон боғлар…
Шоира жилғалар…
Файласуф тоғлар…
БАС!
Туфроқдан яралдим,
туфроққа қайтгум…
Қалбимни осмонмас,
туфроқ билса, бас!
Майли, сен англама,
мени, эй инсон,
Руҳимни бир куни
яфроқ билса, бас!
СЕН СКАЧАТЬ