Кун сал ёриша бошлади. Осмон қорамтирдан кулрангга ўзгара борди, дарёдан шаҳарга қараб ўрмалаётган туман чегараси кўрина бошлади. Поручик “махфий жой”лардан аскарларни олди, кечаси топшириқ олмаганларга эса патруллик йўналишини белгилаб берди. Баъзан кўчада маҳаллий аҳолидан кимдир кўриниб қолар, аммо япон аскарларини кўриши билан ура-сола ҳовлисига яширинарди.
Ютаро Тода ҳали ёш бўлиб, бор-йўғи йигирма учга кирганди. Хизмат муддати бошланганига эса эндигина икки ой тўлаётганди. Нагоядаги ҳарбий билим юртини тамомлаганидан сўнг уни отряд таркибида Архангельскка юборишди. Баъзида юк ташиш кемаларида, баъзида эса музлар туфайли сувда сузиш амримаҳол бўлганида, колонна билан пиёда юриб, бир ойларда манзилга етиб боришди. Лекин Ютаро Тода тушкунликка тушмас, ҳали ёш бўлса-да, унда етилган некбинлик машаққатли йўл азобларини ювиб юборди. Унинг учун ҳамма нарса: ўзига хос мафтункор шимол манзараси ҳам, ўзини тайёргарлик кўрган моҳир командир сифатида кўрсатиш туйғуси ҳам, шунингдек, қор-ёмғир остида, баъзида эса ярим оч ҳолдаги узоқ муддатли юришларда жисмоний салоҳиятини синаб кўриш ҳам қизиқарли туюларди. Ва у кўпни кўрган аскарлардан кам эмаслиги ҳамда уларга буйруқ бериш ҳуқуқига эгалиги, ҳар доим ва ҳамма нарсада олдинги сафда экани ва бўйсунувчиларнинг ортига бекинмаслигига фахр билан ишонч ҳосил қиларди. Лекин фақат бир нарса, яъни жанг ҳаракатлари унга ёқмасди. У бўлинмаси муҳим топшириқни бажарадиган кенг қамровли жангларда иштирок этишини тасаввур қилганди. Бундай ҳаракатларда ташаббус ва абжирликни кўрсатиш мумкин бўларди. Масалан, унинг бўлинмаси маҳаллий паст-баландликлардан фойдаланиб, яхшигина бекинган душман устига биқиниб боради, қуршовга олади ва уларни асир тушишга мажбур қилади. Ёки янада яхшироғи, пулемёт ва милтиқлардан нишонга олиб, бараварига ўққа тутилган бутун бошли батальон қаршилиги бостирилади ҳамда унинг полки янада йирикроқ жанговар вазифани уддалаганича қаршиликсиз олға силжийди. Поручик Ютаро Тода эса қирғинбарот отишма остида мардларча душман аскарларига ташланади ва қўл жангида бир ўзи ўнлаб душманларни ер тишлатади. Ҳарбий билим юртида шарқ якка курашига қизиққан ва зарурат туғилса, ўзини муносиб ҳимоя қила олишни биларди. Ва ўшанда доим ташвишланиб юрадиган полковник Исикура ҳамманинг олдида жасур поручикнинг қўлини сиқади ва япон қўмондонлиги номидан унга довюраклиги ҳамда моҳирона ҳаракатлари учун ташаккур билдиради.
Лекин ҳозирча ҳақиқат ёш офицернинг романтик тасаввурларига унча тўғри келавермасди. Кундалик хизмат тартиби ҳам бу ердаги ҳаёт каби рангпар эди. Архангельск вилоятида тўртта япон бўлинмаси жойлашганди. Улар қўмондонлик жойлашган шаҳар муҳофазасида ва жанговар тартибда ўзаро алмашиниб турарди. Шундай қилиб, таркибида поручик Ютаро Тода бошчилигидаги взвод бўлган полкка Архангельскни СКАЧАТЬ