– Тахмина, бирон жойинг оғриётгани йўқми?
– Қаердан олдингиз бу гапни ая? Мен соппа-соғман, – дедим ўзимни хотиржам тутишга уриниб.
– Билмадим. Лекин менимча… ранг-рўйингни тобора олдириб қўйяпсан…
Ёнимизда Сурайё ҳам ўтирувди, тарафимни олди:
– Кўп ваҳима қилаверма, Хуршида. Қизинг энди балоғатга етиб қолди, буёғига тез-тез ўзгариб туради…
Аям шундан кейин фолбинга бориб менга фол очтирипти. «Қизингизга ёмон кўз теккан, фалон қасидахондан қайтарма қилдириб ичкизинг», депти. Аям ўша қасидахонга бориб, атайлаб қайтарма билан тумор қилдириб келган экан, уни жеркиб бердим. Мен билан ишингиз бўлмасин, дедим. Лекин ичимга чироқ ёқса ёришмайди, вужудимни аллақандай жирканч бир махлуқ кун сайин кемириб бораётгандек эди. Ўшанда аям билан бир вақтлар ўтган гап эсимга тушди…
– Аяжон, ёмон кўзлар жудаям кўпми?
– Кўп. Жудаям кўп, болам.
– Ёмон кўзлар одамни нима қилади, ая?
– Ёмон кўзлар одамни… ухлаб ётганида еб кетишади…
– Сиз ахир тириксиз-ку? Сизни еб кетишмаяпти-ку?
– Улар одамнинг ўзини емайдилар, юрагидан меҳригиёсини сўриб кетишади…
Ҳа, фолбин ҳақ эди. Менга ёмон кўз теккан, юрагимнинг меҳригиёсини шафқатсизлик билан сўриб кетганди. Буни энди аямга айтишдан сираям фойда йўқ, у меҳригиёни энди ўз жойига келтириб қўйиш ҳеч кимнинг қўлидан келмасди.
Бўлар иш бўлди, деб юравериш билан иш битмайди. Бир кунга бориб, аҳволим вазминлашиб қолаётганини сездим. Ўша куни ўрнимдан анча лоҳас турдим. Бошим айланиб кўнглим беҳузур бўла бошлади. Аям ишга кетган экан, Донига телефон қилдим. Бир зумда етиб келди. Нималар бўлаётганини айтдим, у мени тушунди.
– Энди нима қиламиз? – қўрқув ичида қалтираб сўрадим ундан.
– Қўрқма асалим, қўрқма. Мен буёғини ҳам ўйлаб қўйганман, – деди у менга тасалли бериб. – Ҳозир бундай қиламиз…
У мени машинасига ўтқазиб, қаёққаям олиб кетди. Бир гинеколог таниш дўхтири бор экан. Лайлакдароз, савачўпга ўхшаган ориққина ўрис аёл. Ўшанинг ишхонасига кириб бордик. Дўхтир мени обдон текшириб кўрганидан кейин бош чайқади:
– Ҳомиласи катталашиб қолган, олиб ташлаш мумкин эмас. Бирикки ой олдинроқ келиш керак эди.
Мен янаям қўрқиб кетдим, йиғига тушдим. Дони дўхтирга баландроқ келди:
– Сен, Света, одамига қараб муомала қилишни ўрган. Мумкинмумкинмас, деган гапларинг менга кетмайди. Яхшиси, бизнинг ишимизни кўнгилдагидек ҳал қилиб бергин-да, кейин қандингни ур. Бўлмаса… «Бўлмаса…» ўша дўхтирни нималар кутишини билмасдим, албатта. Лекин бечора гинекологнинг оқпар ранги янаям хиралашиб кетди. «Ғинг» демасдан битта қоғозга ниманидир СКАЧАТЬ