ЭНГ КЎП ЎҚИЛАДИГАН КИТОБ
Хар қандай китобхон ўқиса бўладиган китобни излаб юради ва уни топиб олса, қўлдан қўймайди. Ўзининг қалб мулкига айлантиради. Унинг хоҳиш-иродасига қарши боришнинг иложи йўқ – чунки, китоб мутолааси эркин танлаш ҳуқуқига асосланган ҳақиқий жараён, агар буни кимлардир бошқара олганида халқ орасидан истеъдод эгаларини излаб юришнинг ҳожати қолмасди. Мустабид тузумнинг адабиётни ўз измига солиб, уни маьлум қолипда ушлаб туриш каби тазйиқлари эркинлик шабадалари туфайли аста-секин йўқола бошлагач, бизда ҳам кенг китобхонлар орасида яшин тезлигида тарқаб тилга тушадиган, ўқиладиган китоблар кўпайди. Қанча қоғоз қоралангани билан ёзганларини ўзидан бўлакка маъқул қилолмайдиганлар бу ҳолдан анча ғашланишиб «китоб бозорини ундоқ китоблар босиб кетди, бундоқ китоблар босиб кетди», дея айюҳаннос сола бошлашди. Улар қанчалик айюҳаннос солишмасин, бунинг фойдаси йўқ, чунки китобхон ўзига керакли нарсани қаердан бўлмасин топиб ўқийди ва у бунга ҳақли ҳисобланади. Солиҳ Қаҳҳор (Солижон Қаҳҳоров)нинг «Дайди қизнинг дафтари» романи ҳам қисман бу қисматни ўз бошидан кечирди, десам янглишмайман.
Эсимда бир куни бетакрор ёзувчимиз Шукур Холмирзаев:
– Солижонни танийсизми? – деб қолди.
– Ҳа, албатта, ҳикоялариниям ўқиганман. Менга унинг «Меҳмон», «Айри йўл» деган ҳикоялари ёққан.
Бу гап Шукур акага маьқул келгандай жилмайди. У ўз яқинлари, яхши кўрган инсонлари ҳақида илиқ гап эшитса, беихтиёр суюниб кетарди.
– Яшанг! – хитоб қилди Шукур ака. – Солижон ёзишни билади. Аммо ялқовлиги бор, шунинг учун катта нарсаларга қўл урмайди, деб юрардим. Яқинда менга бир қўлёзмасини берди, Чустдамиди билмадим, қаерлардадир айрим қисмларини китоб қилиб чиқарибди. Аммо менга номи ёқмади.
– Номи нима экан?
– «Фоҳишанинг бошдан кечирганлари».
– Ў-ҳў! Бунақа номда чиқариб бўлмаса керак.
– Гап бунда эмас. Барибир сал яшириш керак. Фоҳишами, ўғри-қаллобми, унгаям одам сифатида қараш адабиётда янгилик эмас. Мопассани биласиз, кўп ёзган бунақа нарсаларни. Чеховнинг «Тутқаноқ» ҳикоясида ҳам исловатхонага бориб қолиб, кейин ўша исловатхонадаги қизларни қутқармоқчи бўлган рассомнинг изтироблари тасвирланган. Адабиётда шунақа бўлиши керак. Солижон тўғри йўл танлаган…
Хуллас, Шукур аканинг маслаҳатлари билан асар қайтадан ишланди, «Дайди қизнинг дафтари» номини олди, Шукур Холмирзаевнинг сўзбошиси билан «Шарқ» нашриётида ўн минглаб нусхаларда чоп этилди. Асар қаҳрамони Тахмина китобхонлар қизғин мухокама қиладиган образга айланди. Бу бежиз бўлмай, дунё адабиётининг йирик вакили, Нобель мукофоти лауреати Уильям Фолкнернинг асарга иқтибос қилиб олинган қуйидаги фикри унинг моҳиятини очиб берувчи ишора эди: «Иллатни ҳеч қачон унинг айнан ўзини кўрсатиш учунгина тилга олманг. Иллатдан фақат кўзингизга табиий бўлиб кўринаётган қайсидир ҳақиқатни очиб бериш мақсадидагина фойдаланиш лозим. Шундай вақтлар бўладики, одамларга ҳаётда ана шундай ҳақиқат ҳам борлигини ва ундан халос топиш ҳамда аҳволни ўзгартириш зарурлигини эслатиб қўймоқ зарур. Зеро, нуқул яхшилик ва гўзаллик ҳақида гапириш ҳамиша ҳам иш беравермайди».
Энг кўп ўқиладиган китобнинг сирини ана шу сўзлар мағзини чаққан китобхонларгина теран англашларига шубҳа йўқ.
Иллатни ҳеч қачон унинг айнан ўзини кўрсатиш учунгина тилга олманг. Иллатдан фақат кўзингизга табиий бўлиб кўринаётган қайсидир ҳақиқатни очиб бериш мақсадидагина фойдаланиш лозим. Шундай вақтлар бўладики, одамларга ҳаётда ана шундай ҳақиқат ҳам борлигини ва ундан халос топиш ҳамда аҳволни ўзгартириш зарурлигини эслатиб қўймоқ зарур. Зеро, нуқул яхшилик ва гўзаллик ҳақида гапириш ҳамиша ҳам иш беравермайди.
Биринчи фасл
ҲАСРАТ КЕЧАСИ
I
– Менга… суюқоёқ қизлардан топиб берсангиз.
Милиция участкаси бошлиғи капитан Суннатов менинг бу илтимосимдан ҳайратга чўкди.
– Кечирасиз… бу ер мелисахона. Биз қўшмачилик билан шуғулланмаймиз, – чиндан ҳам таажжубда ғўлдиради у. – Иккинчидан, сиз ўзингизга ярашмаган ишни қилмасангиз бўлармиди…
– Узр, узр. Лекин мен жиддий гапиряпман, ишонаверинг.
Капитан энди бошини бошимга яқинлаштириб, ҳузур билан қиқирлади: – Қани, ёрилинг, ўртоқ журналист, кеннойим уйдан кетиб қолганларми дейман?
– Кеннойингиз, худога шукур, уйда, – дедим унга жавобан, – мен ҳозир бошқа маънода сўраяпман.
Суннатов яна сергак тортди.
– Тушунмадим…
– Очиқроқ айтсам, редакция топшириғи шундай. Фоҳишалар ҳаётидан материал тайёрлашим керак. Сиздан ёрдам сўраб келдим. СКАЧАТЬ