Катта ойи Маъсумага угра кестириб кўрди. У кесган уграларни маъқулламай, қиз болани соч толасидай ингичка, толим-толим бўлсин, деб уқтирди. Агар оддий манти қилсангиз, хамири юпқа, ичидаги масаллиғи кўриниб турадиган бўлиши керак. Гул мантини барибирам эплолмайсиз, ўзим тугаман деб, тугиб кўрсатди: мантилари ҳақиқатан ҳам атиргулга ўхшаб чиқди. Шивит сувини хамирга аралаштириб яшил, қизил лавлаги сувини аралаштириб қизил манти тугиш фикри ҳам шу хотиндан чиққан. Бир Тошкентнинг эмас, Қашқару Хўтан таомларининг ҳам устаси бу аёл!
– Эрингизнинг одатларини оят ёдлагандек ёдлаб олинг! Қачон уйғонади, қачон намозга туради, қай пайт нимани ёқтиради? Билиб қўйинг, қизим, хожангиз рози бўлмаса, жаннатни ҳидиниям ҳидламайсиз. Бизнинг бувижонларимиз эр келганида икки букилиб таъзим қилиб туришарди. Эрингизнинг ош-овқатига, кир-чирига биров яқинлашмасин. Кўрмаяпсизми, шу улуғ ёшимга қарамай ўлиб-тирилиб Қорижоннинг хизматларини қиламан, сиз ҳам Боситхонга шундай хизматда бўлинг!
Абдувоҳид қори хонадонининг ичкари ҳовлиси икки бўлимга ажратилган, ташқи ҳовлидан келган киши бу ерда иккита ўймакор эшикни кўради. Эшикларнинг ҳар бирига алоҳида зулфин илинган, иккови икки хил товуш чиқаради. Ўнгдагиси, каттароқ ҳовли Катта ойиники, чапдаги кичикроғини эса, Қори синглиси учун қурган. Кичик ойи дунёдан ўтгач, Маъсумани шу ҳовлига келин қилиб туширишган. Вақти келиб, катта ўғилга бирон жойдан ҳовли-жой олиб берса, бу иморат ўртанчасига қолади. Вақти келиб ўртанча ўғил ҳам рўзғорини бўлак қилиб чиқиб кетгач, буларнинг бари кичик ўғилга мерос бўлиши керак.
Катта ойининг тутумларини тушунса бўлади, чунки Абдувоҳид қорининг уйи – меҳмон узилмайдиган, келди-кетдили хонадон. Шу сабабли гоҳо бир эмас, икки-уч қозон осилади, хизматчилар уззукун бозорга қатнаб чарчашади. Қоп-қоп сабзавот, бутун-бутун қўйлар, хум-хум ёғлар ертўлага ташилади.
Бу кибор хотиннинг яна бир қизиқ одати – жийда данакларини тўплаб юриши. Ҳар йил эрта кузда унинг учун атай Чилонзордан ёки Дўмбирободдан жийда олиб келадилар. “Пишишидан олдин жийданинг данаклари оят ёздириб келгани Маккага кетади, – дейди Катта ойи. – Шунақа муборак дарахт у. Этини енг, аммо данакларини ташламай, менга опкелинг”. Қўни-қўшни, бола-бақра данакларни тўплаб келишса, уларни яхшилаб ювиб-қуритиб, ўз қўли билан ипга тизиб тасбеҳлар ясайди-да, “Дуо қилинглар” деб таниган-билган кишиларига тарқатиб СКАЧАТЬ