Жонс хоним нима бўлаётганини ётоқхона деразасидан кўриб турарди, у ҳам жомадонига қўлига илинган нарсасини шошилинч солиб, орқа эшик орқали молхонани тарк этди. Мозус ўз қўналғасидан учиб чиқди ва қар-қарлаганча аёлнинг ортидан учди. Айни пайтда ҳайвонлар мистер Жонс ва унинг шерикларини оғир дарвоза ёпилгунча қувиб бордилар. Шундай қилиб, улар нима бўлганини тушуниб ҳам улгурмай, қўзғалон самарали якунланди: Жонс қувиб юборилди ва «Қўрғонча» молхонаси уларнинг тасарруфига ўтди.
Дастлабки бир неча дақиқада жониворлар ўз омадларига зўрға ишониб-ишонмай тонг қотиб турдилар. Аввал улар молхона чегараларини шошинқираб айланиб чопишди, бирор ерда бирорта одам яшириниб қолмаганлигига ишонч ҳосил қилгандай бўлишди. Сўнг молхонага қайтиб, нафратга гирифтор бўлган Жонс ҳукмронлигининг сўнгги изларини йўқотишга киришишди. Жониворларнинг абзаллари сақланадиган хона вайрон қилинди. Қармоқлар, сувлиқлар, юганлар, жиловлар, мистер Жонс чўчқалар ва қўчқорларни ахта қиладиган қўрқинчли пичоқлар – ҳаммаси ташқарига отилди. Эгар-жабдуқлар, нўхталар, юганлар – ҳайвонларни боғлайдиган бунақа барча жиловлар ҳовлида аллақачон ловуллаб ётган гулханга отилди. Қамчинларни ҳам шундай тақдир кутарди. Барча ҳайвонлар, қуллик рамзлари ловуллаб ёнишини кўриб, қувончдан сакрардилар. Сноуболл бундан ташқари кўргазма кунларида жониворларнинг думлари ва отларнинг ёлларига боғланадиган тасмачаларни ҳам гулханга улоқтирди.
– Тасмалар, – деди у, – кийим деб эътироф этилиши, инсондай разил мавжудотнинг белгиси ҳисобланиши лозим. Барча жониворлар яланғоч юришлари шарт.
Бу гапни эшитган Боксёр ёзда пашша ва сўналардан асрайдиган, қамишдан тўқилган шляпасини силкитди ва оловга отиб, кўнгли яйради.
Ҳайвонларга мистер Жонсни эслатадиган барча нарсани вайрон қилиш учун кўп вақт кетмади. Шундан кейин Наполеон ҳаммани хирмонга олиб борди ва ҳар бир жониворга икки ҳиссадан озуқа тарқатди, кўппакларга эса, бундан ташқари, иккитадан пишириқча берди. Кейин улар илҳомланиб, етти марта «Англия жониворлари» ни куйлашди, сўнг тунги уйқу учун жой-жойларига тарқалишди. Уларнинг бу тунги уйқулари ҳар қачонгидан ҳам қаттиқ эди.
Одатдагидай, тонгда уйғониб, бехосдан кечаги ғалабаларини эслаб қолишди ва ҳаммалари биргаликда яйраш учун яйловга отланишди. Яйлов яқинида тепалик бўлиб, унинг устидан қараб, молхонанинг барча ерларини томоша қилиш мумкин эди. Субҳидамнинг соф нурлари остида жониворлар тепаликнинг чўққисига чиқишди ва атрофга назар солишди. Ҳа, буларнинг бари энди уларнинг мулки эди – кўз тушган ҳамма нарса уларга тегишли! Бу кашфиётлардан завқланган ҳолда, улар давра қуриб айланишар ва шодликлари ошиб-тошиб сакрашарди. Улар шабнамда ирғишлашар, ёзнинг хуштаъм ўтларини чайнашар, юмшоқ қора ерни титкилаб, она заминнинг ҳаяжонга солувчи ифорини ҳидлашарди. Сўнг, атрофга – шудгорлар, яйловлар, мевазор боғ, ҳовуз ва қайинзорга СКАЧАТЬ