Азият чекади юрт ва кулбалар,
Ночорлик, юпунлик шундан сабаби.
Мувозанат оғиб, ўртар шубҳалар,
Давога иложсиз дили кабоби.
Гап кимнинг қўлида тошу тарози,
Тўғри йўл тутишда Ҳақнинг ойини.
Фуқаро бўлмасин десанг норози,
Тенг кўрмоқ керакдир фақир, бойини.
Дарвоз лангар чўпи монанди ҳаёт,
Эҳтиёт тутишга боғлиқдир ҳолат.
Ёмонга босмайлик, яхшилик мурод,
Мувозанат бўлсин абад адолат.
ХОТИРА
Дарвоза олдида ўтирибди чол,
Кўча сокин, бунда ўтиб-қайтиш кам.
Нарида болалар ўйнашар хушҳол,
Копток тепишади чувлашиб бардам.
Жонига тегмайди, аксинча ҳавас,
Қўшилиб кетгиси келар ўйинга.
Болалик ёдига тушади элас,
Хотира жонланар ўтган сайинга.
Қишлоқ орти эди, ястанган дала,
Пастликда тўқайзор, оқарди дарё.
Мактабдан сўнг уч-тўрт ён қўшни бола,
Кеч тушгунча бирга, ҳумордек гўё.
Мол боқиш баҳона бўларди кўпда,
Ўтин териш ёҳуд ўт ўришлар ҳам.
Ўйиннинг тури мўл эди тўпда,
Ким абжир эди-ю, ким эди илдам.
Юмушни қойиллаб, ўйнашар эди,
Эрталаб ўқишга чопишар эди.
Дарсларда талаблар қийинроқ эди,
Билмасанг, қулоқдан чўзишар эди.
Эсига олдида, кулимсиди чол,
Ва, деди, “тез ўтди навниҳол чоғлар”.
Болалар шовқинин туймади малол,
Ёшлигин қайтарди кўзи қароғлар.
СУЛҲ
Хафақон булутлар қўзғолмас жойдан,
Тоғлар болиш бўлиб, елка тутади.
Изғирин хонага қамалиб олган,
Бўроннинг ўғлидан совчи кутади.
Хурпайган чумчуқлар бўғотда қатор,
Хушламаслар очкўз қўшни қарғани.
Гоҳо танбал мушук пойлар, кўз тутар,
Миёвлаб ҳурқитар қора йўрғони.
Сукунат, мудрайди юпун дарахтлар,
Ариқ сувларида муздан дарпарда.
Неча бир жонзодлар инда карахтлар,
Жисми йўқ кийимлар осилган дорда.
Инграниб эшиклар очилар ночор,
Мўрилар қурумни пуфлар ҳавога.
Бўрига қўзичоқ келади дучор,
Иссиқ жой, тулкилар бошдир савдога.
Оқ чойшаб ёпиниб ухлайди кеча,
Аёз қовуради ўт ёқмай музни.
Қишлоқ ўртасида қоравул кўча,
Қўйнига яшириб босилган изни.
Булутни сургилаб қараб қўяр ой,
Юлдузлар ортида, сезилмас уни.
Оғилда онасин эмсам дейди той,
Чўзилган сари ялдонинг туни.
Тўнишган СКАЧАТЬ