Название: Ҳаёт қайиғи (1 китоб)
Автор: Тохир Хабилов
Издательство: SHARQ
isbn: 978-9943-26-895-1
isbn:
– Бошингиз айланяптими? – деб сўради.
– Шунақага ўхшайди… тепамда турган хотин иккита бўлиб кўриняпти, – дедим.
– Хотин иккита бўлса яхши-ку? – деб ҳазиллашди врач.
Оғзим қуриб қолган, гапиришим қийин эди, шундай бўлса-да, ҳазилини жавобсиз қолдирмадим:
– Иккита бўлгани яхши-ку, аммо иккаласи битта хотин-да…
Аҳли аёлим ўша воқеани эслаб кулимсиради. Ташвиши сал чекингандай бўлди… Врач кириб, қаддимни кўтарди. Кейин кўпчилик бўлиб, туришимга ёрдамлашишди. Икки кундан кейин ўзим юра бошлагач, кашанда тамакини қўмсагандай, қўлимга қоғоз-қалам олишни хоҳладим. Шифохонага отланганда китоб, қоғоз ва қалам олволган эдим. Китоб ўқий олмадим. “Наркоз” деб аталмиш дори бошимни гаранг қилиб қўйган эди. Кечки пайт аҳли аёлим бир оз безовталангандай бўлди. Даҳлиздаги телевизордан чиқаётган овозлардан билдимки, хоним афандим ёқтирган Мексика киноси бошланибди.
– Чиқиб кўравер, – дедим.
У “ҳозир кўнглимга кино сиғадими?” дегандай бош чайқади.
– Сен бечора мен билан андармон бўлиб кечаги кунни киносиз ўтқаздинг, бу қаҳрамонлигинг учун ҳали сени мукофотлашим керак, – дедим.
Яна бир оз ноз қилган бўлиб, телевизор томон қанот чиқариб учди. Мен эсам қоғоз-қаламни олиб ёзишни бошладим. “Сўнгги уч дақиқа ёки ўлимдан олинган маънолар”… Реанимация бўлимида ўйлаб қўйганларимни бир-бир қоғозга туширдимки, бу тумтароқ баён билан асар аввалида танишишга улгурдингиз.
Эртасига аҳли аёлим “мексикалик меҳмонлари”ни кутиб олгани чиққач, ёзишни давом эттирмоқчи бўлдим. Қоғозга тикилиб узоқ ўтирдим. Лекин ёза олмадим. Хаёлимни ёритаётган фикрлар ожиз бўлиб туюлаверди.
Китобхонлар билан бўлган турли учрашувларда мухлислар “Ўзингизнинг ҳаётингиз ҳақида ҳам ёзинг, бу биз учун қизиқарли”, деган таклифларни айтишарди. Мухбирлар билан суҳбатда ҳам бу таклиф тилга олинарди. Адабиётимизда шундай асарлар бор. Устоз Ойбекнинг “Болалик”, Абдулла Қаҳҳорнинг “Ўтмишдан эртаклар” асарларини ёшлигимда қизиқиб ўқиганман. Бу асарларда тарихий воқеалар ажиб тарзда баён этилган. Лекин коммунистлар ғояси чегарасидан чиқилмаган. Айниқса, атеистларча дунёқараш устун бўлган. “Бой ёмон, диндор ёмон”, деган ғоя асарлар ўзагини ташкил қилган эди. Бу хатоликни ўша пайтда тўла англамаганман. Айниқса, Абдулла Қаҳҳор асарларида ўтмишни атайин ёмонлаш кучли эди. Бундан ажабланиш керак эмас, чунки у “Мен партиянинг солдати эмасман, онгли аъзосиман”, деб баралла эълон қилганди. Демак, партия ғояларига онгли равишда содиқ бўлган. Унинг барча асарлари партия дастурларига мос ҳолда ёзилган: “халқ душманлари”га қарши кураш бошланди (буни биз ҳозир “Сталин репрессияси” деймиз) – “Сароб” ёзилди; колхозлаштириш ҳаракатига бағишланиб “Қўшчинор чироқлари” романи дунёга келди. Мирзачўл ўзлаштирилишига бағишланиб “Шоҳи сўзана” битилди ва Сталин мукофоти билан тақдирланди. СКАЧАТЬ