АСАРЛАР ТЎПЛАМИ (3-жилд). Сирожиддин Саййид
Чтение книги онлайн.

Читать онлайн книгу АСАРЛАР ТЎПЛАМИ (3-жилд) - Сирожиддин Саййид страница 25

Название: АСАРЛАР ТЎПЛАМИ (3-жилд)

Автор: Сирожиддин Саййид

Издательство: SHARQ

Жанр:

Серия:

isbn:

isbn:

СКАЧАТЬ жун қиламиз.

      Тоғ сингари

      Ҳар қандайин кўнгилни ҳам,

      Сиқиб, эзиб

      Сувини Жайҳун қиламиз.

      Буғдойларин туйиб, янчиб

      Ун қиламиз,

      Ўз ҳолига

      Ўзини тутқун қиламиз.

      Худо бизга берса бўлди

      Бир зўр шоир –

      Бутун умр

      Юрак-бағрин хун қиламиз,

      Сўнгра унинг ўзини ҳам

      Гум қиламиз.

2007

      ТУҒИЛИШ

      Менинг шоир бўлишимни,

      Киндик қоним тўкилган пайт –

      Ер бағрига, ер қаърига,

      Боболарим суягига

      Пичирлаган минорларим.

      Менинг шоир бўлишимни,

      Қулоғимга илк бор азон ўқилган пайт –

      Осмонларнинг чироғига,

      Юлдузларнинг қулоғига

      Шивирлаган чинорларим.

2007

      ТЕГИРМОНЧИ

      Тегирмончи, қора чопон тегирмончи,

      Элнинг халта, қопларига

             ўзинг чўпон, тегирмончи.

      Тегирмонинг новларидан

             сув оқади, сел оқади,

      Эртаю кеч сенга томон эл оқади, эл оқади.

      Одамларнинг юмушига ҳозир бобо, тегирмончи,

      Ҳалол ризқдан доим топган ҳузур бобо,

                                   тегирмончи.

      Сенинг қора чопонларинг оппоқ унга беланади,

      Тегирмоннинг ичидаги Хизр бобо, тегирмончи.

      Айланади тегирмонинг,

              Тегирмон тоши айланар.

      Фалак ҳам бир тегирмондир,

              Ою қуёши айланар.

      Одамзот ҳам дондир дейсан,

              Арпамидир, буғдоймидир –

      Чархнинг тегирмони аро

              Кексаю ёши айланар.

      Кўкда қора булут кезса,

              Дашту қирга жон бўлади.

      Кўкда оппоқ булут кезса,

              Буғдой пишиб, нон бўлади.

      Мени дастиёр этганди, тегирмончи,

      Отам буғдойга кетганди, тегирмончи.

      Кута-кута соғинчларим ойга етди,

      Болалигим сойга кетди.

      Кейин у сойдан келмади,

      Отам буғдойдан келмади, тегирмончи.

      Шамолларда бошоқлари ер ўпиб эгилади,

      Саҳарлари буғдойзордан отам ҳиди келади.

      Самодаги сомонлар ҳам

             обдон янчиб туйилгандай,

      Сомон йўли – кўп ун сепиб қўйилгандай.

      Ўтди-кетди асрми ё фаслмиди – Йигирманчи,

      Тегирмончи қайга кетди, тегирмончи?

      Қалдиратиб, гулдиратиб кенг осмонни,

      Бир кечаси қалдироқлар

             олиб кетди тегирмонни,

      Юрагимдан юлиб кетди тегирмонни.

      Йиллар ўтди. Селлар ўтди.

      Кимлар унут, тегирмончи.

      Осмонларга қарайман гоҳ:

      Кезиб юрар оппоқ булут – тегирмончи.

2007

      «Биз – озгина боламизу…»

      Биз – озгина боламизу…

      Биз – озига лоламиз.

      Биров бола, яна биров

      Лола бўлиб қоламиз.

      Бир кун келар – сарғаяди,

      Қовжирайди лоламиз.

      Болалик ҳам кетар. Қолар

      Кўксимизда ноламиз.

2007

СКАЧАТЬ