Менинг шубҳаларим анча чуқурроқ. Улар эътиқодга дахлдор. Иймоним комил бўлган биргина нарса – руҳий оламнинг мавжудлиги ва унинг биз яшаб турган оламга таъсир эта олиши. Қолганлари – муқаддас матнлар, ибодатлар, ҳар хил маросимлар – ҳеч нарсага таъсир эта олмайдиган маънисиз нарсалардек туюлади.
– Сизга бир пайтлар ҳис қилган туйғуларимни гапириб бераман, – дейди Ж. – Ёшлигимда қаршимда очилган имконият эшикларидан бошим айланар, уларнинг ҳар биридан фойдаланишни истардим. Уйлангач эса севган аёлим ва фарзандларим муносиб яшашларини таъминлаш учун биргина йўлни танлашга тўғри келди. Ўйлаган барча мақсадларимга эришган, фарзандлар ҳам улғайиб, ўз йўлларини топган пайтда, қирқ бешга кирганимда, менга энди ҳаётимда ҳеч қандай янгилик содир бўлмайдигандек туюла бошлади. Менинг руҳий изланишларим шу вақтдан бошланди. Масъулиятли одам бўлганим учун ишга жиддий бел боғладим. Сиз ҳозир етиб келган босқичга эришгунча илҳомланиш ва умидсизлик паллаларини бошдан кечирдим.
– Аммо шунча интилишларимга қарамай, мен Худога ва ўз-ўзимга яқинлашдим дея олмайман, – жавоб бераман қайғуга тўлиб.
– Чунки сиз ҳам ҳамма каби вақти келиб албатта худога яқинлашаман, деб ўйлагансиз. Лекин вақт – нўноқ мураббий. У бизга кексайган сари кучсизлана бораётганимизни билдиради, холос.
Тўсатдан ҳалиги эман менга тикилиб тургандай туюлади. Унинг ёши тўрт юздан ошган бўлса-да, шу вақтгача ягона билгани – бир жойда тек туриш.
– Эман атрофидаги маросим бизга нима учун керак? Наҳотки, у бизни аввалгидан кўра яхшиланишимизга ёрдам берса?
– Шунинг учунки, одамлар бундай маросимларни бажармай қўйишган. Қолаверса, аҳамиятсиздек кўринган амалларини бажариб, барча нарсалар ибтидосига ҳаммадан кўра яқинроқ бўлган руҳингизга, борлиқнинг моҳиятига янада чуқурроқ назар ташлаш имкониятига эга бўласиз.
Бу ҳақ гап. Саволимнинг жавоби аввалдан аён эди. Бунга вақтимизни кетказишнинг кераги йўқ.
– Кетишим керак, – дейди Ж. қатъий.
Мен соатга қараб, аэропорт узоқ эмаслигини, яна озроқ гаплашишимиз мумкинлигини тушунтиришга уринаман.
– Гап бундамас. Маросимни бажараётганимда менга туғилишимдан аввалги бир нималар аён бўлди. Сиз ҳам шунга ўхшаш нарсаларни ҳис этишингизни истардим.
Нимани назарда тутяпти? Руҳнинг кўчиб ўтишиними? Шу пайтгача у менга аввалги ҳаётларимга ҳатто хаёлан мурожаат қилишни ҳам тақиқларди.
– Мен ўтмишда бўлганман. Буни мен сиз билан танишишдан олдин ўзим ўрганганман. Сиз билан бу ҳақда гаплашганмиз. Ўзимнинг аввалги икки ҳаётимни кўрганман: ўн тўққизинчи асрдаги француз ёзувчиси ва…
– Ҳа, эсимда.
– Ўшанда тўғрилаб бўлмайдиган хато қилдим. Сиз эса менда айбдорлик ҳисси кучаймасин учун ўтмишга қайтишимни тақиқладингиз.
СКАЧАТЬ