Сенга ишонаман. Ворис Йўлчиев
Чтение книги онлайн.

Читать онлайн книгу Сенга ишонаман - Ворис Йўлчиев страница 1

Название: Сенга ишонаман

Автор: Ворис Йўлчиев

Издательство: Yangi asr avlodi

Жанр:

Серия:

isbn: 978-9943-20-709-7

isbn:

СКАЧАТЬ юборарди. Ўртадаги катта мольбертда чала ишланган шарқона услубдаги сурат – миниатюра ўрнатилганди. Деворларга тираб қўйилган кўплаб суратларни чанг босиб ётар, бир тарафда эса, турли рассомчилик ашёлари қалаштириб ташланганди. Бир бурчакда эса алмисоқдан қолган диван турарди. Унинг олдида турган журнал столида кирланган тақсимча ва дарз кетган пиёла, ичида уч тўрт дона конфет солинган синиқ қанддон ва сигарет қолдиқларига тўла кулдон турарди.

      – Айбга буюрмайсан, – деди Қундуз атрофга бурнини жийириб кўз ташлаётган дўстидан хижолат бўлиб. – Уч-тўрт ой аввал бир танишимдан ижарага олгандим. Ҳар қалай пулини қистаётгани йўқ.

      Ҳамид матода турган суратга кўз ташлади:

      – Демак, замонамизнинг буюк рассоми шу ерда ижод қиларканлар-да? – Кейин суратни гоҳ узоқдан, гоҳ яқиндан томоша қила бошлади. – «Минг бир кеча»дан олинган расмларми?

      Бу китоб Ҳамиднинг қўлига тўққизинчи синфда ўқиб юрганида тушган, ундаги ошиқ-маъшуқларнинг висол дамларига оид саҳналарни зўр иштиёқ билан ўқирди. Қундуз негадир хўрсиниб қўйди.

      – Бу Низомий Ганжавийнинг «Махзан ул-асрор» достонига ишланган расм. Мойбўёқда ишлаяпман.

      – Нега фақат оқ, қора, кулранг… бошқа бўёғинг қолмаганми?

      – Бу менинг услубим.

      – Вей, рангларни чаплаб ташламайсанми? Боз устига Низомийни чизяпсан. Ўрта асарларда ҳамма нарса рангли бўлган-ку?

      – Бўпти, мен чой қўяй, – ошнасига гап уқтиролмаслигини билган Қундуз тараддудланди. – Ўзинг қачон келдинг?

      – Бир ойча бўп қолди, – деди Ҳамид деворга суяб қўйилган суратларни ҳам бирма-бир кўздан кечираркан.

      – Вой, номард, бир ой бўпти-ю дамингни чиқармайсан-а?

      – Биласан, ёзда ойим билан боққа кўчамиз. Ҳозир ўша ерда турибман. Ойим «Тезроқ кел, тўйингни қиламиз», деб кўз очирмагач. Шеригим Иқболни олиб Уралдан қайтдим.

      – Уйланяпсанми? – сўради Қундуз эскириб қолган чой қайнаткични токка уларкан.

      – Вей, ошна, бугун маҳаллада қиз базми бўлади. Эртага тўй. Ҳаммаси ҳал бўлган.

      – Қизни ойинг топгандирлар? Кимлигини билсак бўладими?

      – Ҳа, раҳматли отамнинг узоқ қариндошларидан.

      Қундуз ўзи чизган суратларга маҳзун термилиб ўтираркан, сўради:

      – Тўғри-да, ўттиз бирга кирдинг. Вақтида уйланганингда, болаларинг меникиларга ўхшаб етти-саккизга кирарди.

      – Нима, вақтида уйланиб, сенинг шохинг чиқдими? – тўнғиллади Ҳамид. – Қачон учрашсак, ҳасратингдан чанг чиқади, хотинингдан нолийсан.

      Қундуз варақлаб қайнай бошлаган чойдишни ўчириб, чой дамлади. Кейин пиёлаларга чой қуяркан, дўстига юзланди:

      – Нега нолишимни биласанми? – деди. – Ҳулкар ҳам, болаларим ҳам яхши кун учун яралган. Пул топсам, уларни едириб-ичирсам, кийинтирсам – яхшиман. Айлантиргани олиб чиқсам, ширинлик, ўйинчоқ олиб берсам – яхшиман. Лекин бошқа вақтлар… Ижара уйда турганимиз, уларни ёзда дам олишга олиб бормаслигим, бошқалардан камроқ еб-ичирганим учун уларга баъзан ёмон кўриниб кетаман. Очиғи, мен оиламга унча ишонмайман. Бошқалардек тўкис яшаш учун мени уч пулга сотишлари ҳам ҳеч гап эмас.

      – Нима қилсин улар ҳам, – чой ҳўплади Ҳамид. – Бу дунёда ҳамма яхши яшашни истайди. – Кейин қанддондаги конфетни олиб қоғозига кўз ташлади ва очгиси келмай, жойига қўйди. – Сенга неча марта айтдим. Россияга кел. «Гипермаркет»нинг битта бўлимини ўзингга топшираман, деб. Иқбол ҳам рози бўлди.

      – Мен рассомман, ўртоқ, – деди Қундуз. – Замонавий импрессионизм оқимининг бугунги давомчисиман. Моне, Ренуар, Сезанн, Робенинг йўлидан кетяпман. Ана шу йўналиш орқали буюк Низомийнинг очилмаган қирраларини бўёқларда акс эттириш ниятидаман. Ишон, булар дурдона асарлар!

      – Кимга кераги бор шу дурдоналарингни, – лаб бурди Ҳамид. – Булар қорнингни тўйдирармиди?

      – Ўзимга ҳомий қидиряпман. Ўз асарларим билан Европага чиқишни, тарихий меросимизни дунёга танитишни истайман, тушуняпсанми?

      – Тўрт беш йил аввал ҳам худди шу гапларни айтгандинг, – ҳомуза тортди Ҳамид. – Орзу қила-қила ўтиб кетасанми, деб қўрқаман. – Кейин жиринглаётган телефонини қулоғига босди. – Алло, Иқбол, сенмисан? Ҳозир сени гапириб турувдим. Синфдошимнинг ёнидаман. Айтгандим-ку, рассом йигит. Ойим хавотир оляптилар? Ҳа, ҳозир келаркан, деб қўйгин. Мана, турдим!

      Ҳамид ўрнидан тураркан, беш дона юзталик доллар чиқариб, стол устига ташлади:

      – Бориб бу пулга болаларингга кийим-бош ол. Бозорлик қил.

      Қундуз пулни шартта олиб, дўстининг чўнтагига суқди:

      – Эсинг жойидами? Шундоқ ҳам сендан қарзим бор. Қайтаролмай юрибман. Топсам униям бераман.

      – Қанақа қарз? Ақлинг жойидами? СКАЧАТЬ