Название: Сенга ишонаман
Автор: Ворис Йўлчиев
Издательство: Yangi asr avlodi
isbn: 978-9943-20-709-7
isbn:
– Айбга буюрмайсан, – деди Қундуз атрофга бурнини жийириб кўз ташлаётган дўстидан хижолат бўлиб. – Уч-тўрт ой аввал бир танишимдан ижарага олгандим. Ҳар қалай пулини қистаётгани йўқ.
Ҳамид матода турган суратга кўз ташлади:
– Демак, замонамизнинг буюк рассоми шу ерда ижод қиларканлар-да? – Кейин суратни гоҳ узоқдан, гоҳ яқиндан томоша қила бошлади. – «Минг бир кеча»дан олинган расмларми?
Бу китоб Ҳамиднинг қўлига тўққизинчи синфда ўқиб юрганида тушган, ундаги ошиқ-маъшуқларнинг висол дамларига оид саҳналарни зўр иштиёқ билан ўқирди. Қундуз негадир хўрсиниб қўйди.
– Бу Низомий Ганжавийнинг «Махзан ул-асрор» достонига ишланган расм. Мойбўёқда ишлаяпман.
– Нега фақат оқ, қора, кулранг… бошқа бўёғинг қолмаганми?
– Бу менинг услубим.
– Вей, рангларни чаплаб ташламайсанми? Боз устига Низомийни чизяпсан. Ўрта асарларда ҳамма нарса рангли бўлган-ку?
– Бўпти, мен чой қўяй, – ошнасига гап уқтиролмаслигини билган Қундуз тараддудланди. – Ўзинг қачон келдинг?
– Бир ойча бўп қолди, – деди Ҳамид деворга суяб қўйилган суратларни ҳам бирма-бир кўздан кечираркан.
– Вой, номард, бир ой бўпти-ю дамингни чиқармайсан-а?
– Биласан, ёзда ойим билан боққа кўчамиз. Ҳозир ўша ерда турибман. Ойим «Тезроқ кел, тўйингни қиламиз», деб кўз очирмагач. Шеригим Иқболни олиб Уралдан қайтдим.
– Уйланяпсанми? – сўради Қундуз эскириб қолган чой қайнаткични токка уларкан.
– Вей, ошна, бугун маҳаллада қиз базми бўлади. Эртага тўй. Ҳаммаси ҳал бўлган.
– Қизни ойинг топгандирлар? Кимлигини билсак бўладими?
– Ҳа, раҳматли отамнинг узоқ қариндошларидан.
Қундуз ўзи чизган суратларга маҳзун термилиб ўтираркан, сўради:
– Тўғри-да, ўттиз бирга кирдинг. Вақтида уйланганингда, болаларинг меникиларга ўхшаб етти-саккизга кирарди.
– Нима, вақтида уйланиб, сенинг шохинг чиқдими? – тўнғиллади Ҳамид. – Қачон учрашсак, ҳасратингдан чанг чиқади, хотинингдан нолийсан.
Қундуз варақлаб қайнай бошлаган чойдишни ўчириб, чой дамлади. Кейин пиёлаларга чой қуяркан, дўстига юзланди:
– Нега нолишимни биласанми? – деди. – Ҳулкар ҳам, болаларим ҳам яхши кун учун яралган. Пул топсам, уларни едириб-ичирсам, кийинтирсам – яхшиман. Айлантиргани олиб чиқсам, ширинлик, ўйинчоқ олиб берсам – яхшиман. Лекин бошқа вақтлар… Ижара уйда турганимиз, уларни ёзда дам олишга олиб бормаслигим, бошқалардан камроқ еб-ичирганим учун уларга баъзан ёмон кўриниб кетаман. Очиғи, мен оиламга унча ишонмайман. Бошқалардек тўкис яшаш учун мени уч пулга сотишлари ҳам ҳеч гап эмас.
– Нима қилсин улар ҳам, – чой ҳўплади Ҳамид. – Бу дунёда ҳамма яхши яшашни истайди. – Кейин қанддондаги конфетни олиб қоғозига кўз ташлади ва очгиси келмай, жойига қўйди. – Сенга неча марта айтдим. Россияга кел. «Гипермаркет»нинг битта бўлимини ўзингга топшираман, деб. Иқбол ҳам рози бўлди.
– Мен рассомман, ўртоқ, – деди Қундуз. – Замонавий импрессионизм оқимининг бугунги давомчисиман. Моне, Ренуар, Сезанн, Робенинг йўлидан кетяпман. Ана шу йўналиш орқали буюк Низомийнинг очилмаган қирраларини бўёқларда акс эттириш ниятидаман. Ишон, булар дурдона асарлар!
– Кимга кераги бор шу дурдоналарингни, – лаб бурди Ҳамид. – Булар қорнингни тўйдирармиди?
– Ўзимга ҳомий қидиряпман. Ўз асарларим билан Европага чиқишни, тарихий меросимизни дунёга танитишни истайман, тушуняпсанми?
– Тўрт беш йил аввал ҳам худди шу гапларни айтгандинг, – ҳомуза тортди Ҳамид. – Орзу қила-қила ўтиб кетасанми, деб қўрқаман. – Кейин жиринглаётган телефонини қулоғига босди. – Алло, Иқбол, сенмисан? Ҳозир сени гапириб турувдим. Синфдошимнинг ёнидаман. Айтгандим-ку, рассом йигит. Ойим хавотир оляптилар? Ҳа, ҳозир келаркан, деб қўйгин. Мана, турдим!
Ҳамид ўрнидан тураркан, беш дона юзталик доллар чиқариб, стол устига ташлади:
– Бориб бу пулга болаларингга кийим-бош ол. Бозорлик қил.
Қундуз пулни шартта олиб, дўстининг чўнтагига суқди:
– Эсинг жойидами? Шундоқ ҳам сендан қарзим бор. Қайтаролмай юрибман. Топсам униям бераман.
– Қанақа қарз? Ақлинг жойидами? СКАЧАТЬ