Бир оломон яхшироқ дунё қурамиз деб, эски дунёни вайрон қилишни хоҳлайди. Бошқаси эса нима бўлса-да, чириб кетса ҳам эскисини сақлаб қолмоқчи. Ҳар иккисининг ҳам илдизи бир – кўриш учун кўзни очмаслик. Мавжуд дунёни вайрон қилиш мумкин, аммо янги дунё қуриб бўлмайди. Дунёни олға силжишига қаршилик қилиш мумкин, аммо шундан кейин унинг ортга кетишини, батамом чириб битиши олдини олиб бўлмайди. Ҳаммасини ўзгартирсак, одамлар кунига уч маҳал овқат ейди, деб ўйлаш аҳмоқликдир. Ҳаммасини эскича қолдириб, маблағимдан йилига олти фоиз даромад олишда давом этаман деб кутиш ҳам аҳмоқлик. Энг асосий муаммо шуки, ислоҳотчилар ҳам, қадимчилар ҳам реал воқеликдан қочади – бирламчи вазифаларини унутади.
Эҳтиёткорликнинг талабларидан бири эскиликка қайтишни соғлом ақлга қайтиш билан чалкаштириб юбормаётганимизга амин бўлишдир. Биз ҳар жиҳатдан жозибали даврда яшадик ва идеалистик тараққиёт дастурларига кўмилиб кетдик. Аммо шундан нари кета олганимиз йўқ. Булар бари тантанали намойиш эди, асло олға силжиш эмас. Бир дунё ажойиб нарсаларни эшитдик, бироқ, уйга қайтсак, ўчоқдаги олов ўчиб қолибди. Реакционерлар одатда ана шундай даврдаги хавотирлардан фойдаланади ва асосан разилликларга тўла “ўтган ажиб даврлар”ни қайтаришга ваъда беради. Узоқни кўра би лиш қобилияти ва тасаввурдан мосуво бу одамларни “тажрибали амалиётчилар” сифатида кўрувчилар ҳам топилади. Уларнинг ҳокимиятга қайтиши кўпинча соғлом ақлнинг қайтиши деб талқин қилинади.
Бирламчи вазифалар – қишлоқ хўжалиги, саноат ва транспорт. Ижтимоий ҳаёт уларсиз мавжуд бўлолмайди. Улар дунёни бирлаштиради. Ерга ишлов бериш ва истеъмол молларини тақсимлаш инсоннинг ибтидоий эҳтиёжи ўлароқ, бошқа ҳар нарсадан кўра ҳаётийдир. Улар жисмоний ҳаётнинг мағзи. Агар улар барҳам топса, ижтимоий ҳаёт ҳам барбод бўлади. Мавжуд тизим остида мазкур дунёдаги ҳодисалар издан чиқади, бироқ пойдевор мустаҳкам бўлса, вазият яхшиланишига умид боғлаш мумкин. Кимдир жамият пойдеворини ўзгартириши – тақдирнинг ижтимоий жараёнлардаги ролини тортиб олиши мумкин деган тушунча қип-қизил уйдирма. Жамият пойдевори – ўстириш, тайёрлаш ва ташиш воситалари ҳамда инсонлардир. Қишлоқ хўжалиги, саноат ва транспорт тизими мавжуд экан, дунё ҳар қандай иқтисодий ва ижтимоий ўзгаришларга дош бера олади. Ўз ишимизни бажариш орқали биз жаҳонга хизмат қиламиз.
Иш истаганча топилади. Бизнес ҳам оддий бир иш. Тайёр маҳсулотларни олиб-сотиш – бизнес эмас. Чайқовчилик – порахўрликнинг маданийроқ кўринишидир. Аммо уни қонунчилик йўли билан тугатиб бўлмайди. Умуман, қонун билан бирор нарсага эришиш қийин: қонундан ҳеч қачон конструктив натижа чиқмайди. Қонуннинг полициядан фарқи йўқ, шунинг учун Вашингтондан ёки штатлар пойтахтидаги ҳокимиятларимиздан қонун қила олмайдиган ишларни кутиш вақтни беҳуда СКАЧАТЬ