… Иффатнинг ёнидан жой оларканман, кафтларим билан қулоқларимни беркитдим ва қизга ҳам шундай қилишни уқтирдим. Биз шу ҳолатда анчагина ўтирдик. Кейин мен қизнинг юзига қараб сирли жилмайдим ва овозимга сирли тус бериб сўрадим:
– Нимани эшитдинг?
– Ҳеч нарсани.
– Ҳеч нарсани? Наҳотки!?
Унинг жилмайиб ва айни пайтда ажабланиб, шу билан бирга, савол назари билан қараб турганини кўриб мен ҳам ажабланганимни яширмадим. Аксинча, кўзларимни катта-катта очиб, қошимни чимирганча бир лаҳза қотиб қолдим. Менинг бу ҳолатим уйқудаги ипак қуртини эслатарди. Кейин кутилмаганда ўзимда улкан бир журъат сезиб, унинг қулоқларини кафтларим орасига олдим. Қиз буни кутмаган бўлса-да, қаршилик кўрсатмади. Биз шу пайтгача ёнма-ён ўтириш, нари борса қўл бериб кўришиш ва қимтинибгина сўзлашишдан нарига ўтмаган эдик.
6
Октябрь. Зардолулар, олчаю алволилар арғувон либосда. Фақат тут дарахтларининг япроқлари заъфарон. Иффатнинг кўйлагига монанд. Агар ҳозир Иффат тут дарахтининг устига чиқиб ўтирган бўлса, мен унинг фақатгина оппоқ юзини ҳамда қоп-қора соч турмагини фарқлашим мумкин. Табиат вақт таъсирида. Иффат ҳам. Сочини боши узра турмаклаб юриши менга ёқади. Саксонинчи йилларнинг аёлларига ўхшайди. “Турраи таррорингга салламно”, деб таҳсин айтаман ичимда. Сочни бундай турмаклаш унинг ёшини бироз катта қилиб кўрсатади. Бу энди вақтнинг иши эмас, аммо гапнинг сирасини айтганда, вақт жуда ақлли хилқат. Шошилиш унга ёт. Бир маромда ишлайди, масалан, юзингизга қачон ажин тушганини сезмай қоласиз. Ҳеч ким, айтайлик, “ўнинчи октябрь соат ўн иккидан уч дақиқа ўтганда юзимга ажин тушди”, деёлмайди. Дарахтларнинг япроқларидаги ўзгаришлар ҳам худди шундай содир бўлади. Ҳа, вақт илондай муғомбир.
Иффатни кўрмаганимга ҳам анча бўлди. Энди бир йўла тажрибаларимни якунига етказиб, кейин унга рўбарў бўлсам дейман. Чунки вақт кетяпти, шошилмоқдаман, Тўхта момо соғ-омон юрибдимикин ўзи?.. Деворга осиб қўйилган тақвимнинг варақларини йиртмаяпман. Унда 24 октябрь санаси. Тўхта момони худди шу куни кўргандим, шанба эди, балки жумадир… Иффат билан юзма-юз туришганди. Тақвимда белгилаб қўйганман. Ана, йигирма тўрт рақами ёнида қизил сиёҳ билан “соат уч” деб белгилаб қўйилган.
Ярим тунда уйғониб ускунанинг юқори бўлмасида – (хронохрон бўлмалари қумсоатникидан ўн битта кўп) энг юқоридаги биринчи бўлмасида– хира туманликка ўхшаш алланарса сузиб юрганлигини кўрдим. Миллион-миллион майда заррачалардан иборат туманлик гоҳ қизарар, гоғ қўнғир тус олар ва дам ўтмай тиниқ сариқ рангда намоён бўларди. Қани, энди буни Ван Гог кўрса! Японлар сузишни эплайдиган болаларнинг бошига, айтайлик, қизил шабпўш кийдириб сувга туширсалар, ҳали яхши сузолмайдиганлар бошига сариқ шабпўш кийдиришади. СКАЧАТЬ