– Менинг ҳақимда кўплаб ғазаллару қасидалар битилган, – деди Пегаснинг таърифидан руҳланган Наххама, – отларга таъриф беришда тенгсиз шоир Абу Дуад билан Ал Уманийнинг барча ғазалларида фақат мен тилга олинганга ўхшайман…
4
Қаттиқ пишқириқдан Наххаманинг сўзи бўлинди. Ҳамма ўгирилиб чавандозлар кушандаси Яхмумга қаради. Унинг важоҳати Наххамани сескантириб юборди. Яхмум қулоқларини дикрайтириб ёлини силкитди. Думи таралиб, кўзлари ола-кула бўлди:
– Бунча лоф урмасанг, Наххама! – ғўлдиради у ер тепиниб, – ўша мақтаган хожанг отга минолмас эди. Хаёли фақат туроқ ва қофияда бўлиб, сени ҳам унутарди. Оч қолардинг, ўз касби билан рўзғор тебрата олмаган одам отини қандай боқсин!? Унинг ҳатто тайинли макони ҳам бўлмаган. Шунинг учун ҳам юксакликнинг отаси деб ном олган шоир ал-Маарий хожангни дарбадар шоир деб атаган. Тўғрисини айтсам, хожанг қоқсуяк бир жонзот бўлганлиги ҳаммага маълум. Менга ўхшаган тулпорларнинг яқинига йўлолмасди. Мен ҳар чавандозларни ерпарчин қилганманки…
– Ўзинг тилга олган ўша улуғ шоир сен тўғрингда қандай фикрда бўлган? – аламига чидолмай нидо қилди Наххама. – Агар унутган бўлсанг, эшит. Лекин мен бу гапни назмга ўгиролмайман, чунки уни Абу Аъло ал-Маарий насрда айтганлар, қисқаси, сенинг золим соҳибинг Нўъмон ибн ал-Мунзир хотини Мутажарридни рашк қилиб, ўша аёлни севиб қолган Жаъламани сенинг устингга миндирган ва қолган ишни сен бажаргансан.
– Ҳар қандай от ўз хожасининг амрига бўйсунади, – пишқириб қўйди Яхмум.
Айтишувни тинглаб турган отлар бош силкиб қўйишди. “Чавандозлар кушандаси” деб заҳарханда қилишдан ўзини тиёлмади Наххама. Бу пайтда Дулдул, Ғиркўк, Дўнан ва Бойчибор алоҳида гуруҳ бўлишиб, ўз бошларидан ўтган саргузаштларни эслашарди. Бу даврада Бойчибор кўпроқ тилга олинди. Унинг туёғига ғаюрлар томонидан қоқилган мих азоб беришига қарамасдан, алплар пойгасида Алпомишнинг ғолиб бўлгани тўғрисида гап борди. Бекамнинг, ҳайда-ё, ҳайда, тўрамнинг оти, деб қилган таваллоси куч берди ўшанда, деб маҳзун тортиб қолди Бойчибор.
5
Суҳбатнинг бундай тус олиши Букефалга ёқмади. Назарида Наххаманинг соҳиби Сулах ибн Сулайхдек дарбадар бир шоир ҳақида гап-сўз қилиб ўтириш ёки шунча улуғлар турганда шоҳ Нўъмонни тилга олиш катта мақсад йўлида уюштирилган йиғиннинг нуфузига тўғри келмасди. Дунёнинг улуғ фотиҳи Александр Македонский турганда… Букефал фикрини давом эттиришдан ўзини аранг тийиб қолди. Ҳатто хаёлан бўлса ҳам, ўз меҳмонларини камситишни истамасди. Тош йўлда “ширқ-ширқ” этиб битта-битта босилаётган қадам товушлари тортишувга нуқта қўйди. Тўпиғи ингичка, пойчалари СКАЧАТЬ