Танланган асарлар: Қиссалар. Чингиз Айтматов
Чтение книги онлайн.

Читать онлайн книгу Танланган асарлар: Қиссалар - Чингиз Айтматов страница 24

Название: Танланган асарлар: Қиссалар

Автор: Чингиз Айтматов

Издательство: SHARQ

Жанр:

Серия:

isbn: 978-9943-6609-8-4

isbn:

СКАЧАТЬ Бойдали югуриб бориб, ўзини ўша сим тўсиқлари устига ташлайди. Миналар портлаганда, аскарлар ҳужумга ўтиб, душманни қувишга бошлайди…

      Бу шум хабарни эшитиб, Мирзақулнинг уйига тўпланишган овул оқсоқоллари Бойдалининг азасини тутгандек маъюс ҳолда жимгина ўтиришарди. Ниҳоят почтачи Қурмон телпагини кўзига тушириб, ҳасрат билан шундай деб эсга олди:

      – Ии-эҳ, бечора, бечора йигит! Билмай юрган эканмиз. Юрагида ўти бор азамат. Сув учун туғилган деҳқон боласи, унинг қўли теккан экинлар гулдек яшнарди… Нари ўтиб, бери қайтганимда болалари этагимга ёпишиб, хат борми, дсб сўраганларида, келаси бозорга олиб келаман, деб овутиб қўярдим. Энди билсак, мудҳиш хабар. Бу ҳам бўлса Худонинг лойиқ кўргани… Энди илож қанча, ботирнинг ҳалокати – элнинг кулфати.

      Мирзақул қариялардан беш-олтитасини тўплаб олиб, Бойдалининг ўлими ҳақидаги хабарни унинг бола-чақаларига қандай етказиш кераклигини сўраб, маслаҳат қилди. “Ўлди”, деб хат келгандан кейин нима ҳам қилиш мумкин. Аммо шундай оғир йилларда аёли Тўтиой бел боғлаб, болаларини кўз қорачиғидек ардоқлаб, оч қолдирмай, эплаб боқиб турганда, Бойдали ҳалок бўлибди, деб қандай айта оламиз. Ўзи аранг яшаб турганда, бу хабарни айтсак, охирги умид-ишончидан ҳам маҳрум этган бўлмаймизми? Тўтиойнинг руҳи тушиб кетса, болаларига ким қарайди. Қўй, Мирзақул, буни ҳозир айтолмаймиз, журъатимиз етмайди. Пишиқчилик келсин, эл-юрт тўйинсин, сўнгра кузга бориб ҳаммамиз биргаликда Худойисини ўтказиб, овулимиздан чиққан баҳодир ҳалок бўлди, деб хотирасини ҳурмат билан эслаб ўтамиз…”

      Кексаларнинг бу маслаҳати овулдаги кўпчиликка маъқул тушди. Ҳали тамаки саройида аёлларнинг ҳеч нарсадан хабари бўлмаган Тўтиойга ачиниб, йиғлаётганларининг боиси ҳам шунда эди.

      Тунда Исмоил уйига одатдагича қайтиб, Саида унга қўшниси Бойдалининг қисмати ҳақида гапириб берганда, у мийиғида алланарсалар деб тўнғиллаб, эгнини қоқиб қўйди.

      Унинг бундай бесўнақай ва ҳаракатсиз туришидан: “Ия, ўлган эканми?” дегандек, ёки бўлмаса: “Ўлса ўлгандир. Ўққа бошингни тутганингдан кейин нима бўларди. Мен бошимни олиб бекорга қочиб юрганим йўқ! Аҳмоқ бўлмаса, минага ўзини ташлармиди? Ундан нима фойда кўрди? Ажали етди холос!” – деган каби маънони уқиб олиш мумкин эди. Ҳайтовур, у хўмрайиб бадхоҳлик қилгандек, ёнида турган катта косадаги гўжани олиб, қулқуллатиб симириб юборди-да, тўймагандек қовоғини солиб:

      – Яна борми? – деди.

      Саида Исмоилни бундай ҳолатда кўриб ҳайратда қолган ва: “Қаҳратон қишда бирда оч, бирда тўқ юриб, ўз жонини сақлаш билан овора бўлгандир…”, деб ичида аяган эди.

      Исмоилни кузатиб юборгандан кейин Саида алламаҳалгача ухлаёлмай ётди. Эшикда шамол увиллаб, қор учқунларини учириб, деразаларни чертарди. Совуқда тўнғиган ит овул чеккасида бир-икки ангиллаб, ғингшиб қўйдида, сўнгра “сов-у-у-у-уқ, сов-у-у-уқ” дегандек улиди. Саиданинг аъзойи бадани қалтираб, ўша қор босган ой далада бўрон аралаш эсган шамолдан чийиллашиб ҳуштак чалаётган қалин қамишзорлар орасидан ғорга кетиб бораётган Исмоилни кўз ўнгидан СКАЧАТЬ