– Дадангнинг ҳам ишлари шундай кўпми? – деб жилмайди.
– Йўқ… – дедим. – Фақат баъзан кечалари одамлар келиб чақириб кетгани бўлмаса… Кундузлари идорада ишлайди.
– Дадангники осон, – деди Жапақ амаким иссиқ чой ҳўплаб. – Мана кўрмайсанми, кечаси денгизда бир балиқчи оёғидан ажраб қолипти.
– Қандай қилиб?
– Ҳозир балиқчилар учун жуда қийин пайт, ўғлим. Мана икки ойдирки, дарёда абиржи.
– Абиржи дегани нима дегани?
– Дарё музласа, балиқчилар абиржи турди, дейишади. Мана энди ўша абиржилар эриб, уч-тўрт кун бўлди, дарёда санг юриб қолди. Балиқчиларнинг ишини оғирлаштиради.
Жапақ амакининг айтишига қараганда, дарёдаги музлар эриб, парча-парча бўлиб синиб оқиб келаркан-да, Орол денгизига тушаркан. Бу катта-катта муз парчалари денгизда балиқчи кемаларнинг эркин сузишига халақит бераркан. Баъзан муз парчалари қайиққа келиб урилиб, шикаст ҳам етказаркан. Кеча кечаси ҳам денгизда шундай бўлибди. Қалли отанинг бригадасига қарашли балиқчилардан учтаси овдан кеч қайтиб келаётганида катта муз парчасининг бир бўлаги қайиқ устига тушиб, бир балиқчининг оёғини синдирибди, кесибди. Сал бўлмаса, қайиқни синдираёзибди. Шунда қайиққа шикаст етса борми, учала балиқчининг ҳам ҳаёти хавф остида қоларкан. Ҳайтовур, улар қирғоққа омон-эсон чиқишибди. Кейин балиқчиларнинг қирғоқдаги жойига келиб, радио орқали идорага маълум қилишибди. Бугун эрталаб, Қалли ота Жапақ амакимни шунга олиб кетган экан. Бориб синган жойини гипслаб, касалхонага ётқизиб келибди.
– Майли, оз қолди, – деди Жапақ амаким олдидаги чойнакни суриб. – Қийини апрелгача. Ҳадемай баҳор бошланади… Хўш, ўқишларинг қалай, ўғлим?
– Тузук, – дедим.
– Асет ўртоғингнинг кундалиги билан танишдингми?
Мен ялт этиб Асетга қарадим. Асетнинг қовоғи тушиб кетди.
– Алгебрадан иккимни йўқотганман, – деди у ерга қараб.
– Сал дайдироқсан, ўғлим, санқиганинг санқиган, онанг кетиб, тергайдиган одам бўлмай қолди шекилли, а? – деди Жапақ амаким. Кейин менга кўзини қисиб гапида давом этди. – Қани, олиб ўтир. Соғиндиқ ўғлим, бунга қарасанг, оч қоласан. Ўртоғинг жуда чимхўр.
Асет ерга қараб индамай ўтирарди.
– Ҳозирги болаларга бир гап гапирсанг, қовоғини солади, – деди Жапақ амаким. – Биз сенинг даданг билан ТошМИда ўқиган кезларимизда…
Қизиқ, катталарнинг ҳаммаси ҳам бир бўладими, дейман. Жапақ амаким ҳам худди дадамнинг ўзи. «Нега чимхўрсан?», «Биз сендай пайтимизда ундай қилардик, бундай қилардик!», «Яхши ўқиш керак…» Ҳозир ҳам Жапақ амаким: «Биз сенинг даданг билан ТошМИда ўқиган кезларимизда…» деб бошлаб, қандай ўқигани, қийинчиликларга қандай бардош берганлари, макарон шўрвани қандай пиширгани борми, стипендия олган кунлари роса мириққанлари-ю, бир ҳафтадан сўнг тумбочкалардан моғор босган нонларни қидириб қолганларигача сўзлай кетди. Мен бу СКАЧАТЬ