Танланган асарлар. Носир Фозилов
Чтение книги онлайн.

Читать онлайн книгу Танланган асарлар - Носир Фозилов страница 12

Название: Танланган асарлар

Автор: Носир Фозилов

Издательство: SHARQ

Жанр:

Серия:

isbn: 978-9943-5993-4-5

isbn:

СКАЧАТЬ ҳайрон бўлиб бир-бирларига қарашди.

      – Сизлар томонда қанақа ўйинлар бор? – деб сўраб қолди Сафаргул.

      – Бизлар томондами?– деб чайналдим. – Бизлар томонда, масалан, «Қорхат» деган ўйинимиз бор.

      – Бу қанақа ўйин?

      Болалар атрофимга тўпланишиб қолди. Шу саволдан – уларда бу ўйиннинг йўқлигини билиб, роса олиб қочдим.

      – Жуда қизиқ ўйин, қор ёғади-ку, а? Ана ўшанда қор ёққан куни яхшилаб хат ёзилиб, истаган ўртоғингнинг қўлига тутқазишинг керак.

      – Ундан кейин-чи?

      – Кейин, унинг шартлари бор: хат қўлга берилиши, хат берган киши қўлга тушиб қолмаслиги керак. Хат шеър билан ёзилади. Ўша хатни олиб, «қўлга тушган» одам хатда кўрсатилган шартнинг ҳаммасини бажаради. Мабодо, қўлга тушиб қолса, ҳалиги шартни қорхат ёзган одамнинг ўзи қилиши керак.

      – Ўҳ-ҳў, жуда қизиқ-ку!

      Кимдир гўё қўлга тушиб қолгандай қиқирлаб кулиб юборди. Мен уларга «қорхат»нинг ҳамма шартларини яхшилаб тушунтирдим-у, бироқ бу ўйин фақат биринчи қор тушганда бўлишини айтмадим.

      Бу ўйин уларга жуда ёқди.

      Анча маҳалгача тепаликда чена учдик. Тўпланишиб, эсдалик учун суратга тушдик: аввалига ўзим олдим. Кейин мен ўртага келиб ўтирганимда Бойтемир олди. Ҳавога булутлар чиқиб, майда қор учқунлай бошлади. Кун жуда салқин эди. Анча қоронғи тортиб, яйловдан подалар қайтди. Овул итлари ҳура бошлади. Бизлар ҳам ченаларимизни судраб, уй-уйимизга қайтдик.

      – Ҳавонинг авзойи бузуқ, тағин қор ёғади шекилли? – деди Асет.

      – Эҳтимол…

      Кечки овқатдан сўнг мен столга ўтирдим. Эртага мажлисда гапирадиган гапларимни ёзиб, тайёрлаб қўйишим керак эди-да!

      Олдимда қоғоз билан қалам, ўйлай бошладим.

      Қорхат

      Эрталаб туриб ҳовлига чиқсак, лайлакқор ёғаётган экан. Худди оққушнинг патига ўхшаб тўзғиб тушяпти. Ер-у кўк оппоқ қор. Боссанг, оёғинг тиззаларинггача ботиб кетади. Худди момиқ пахтадай! Мен бўсағадан авайлаб ташқарига қадам қўйдим. Асет бўлса мендан илгари чиқиб кетган. Бостирманинг устунига осиб қўйилган умивальникдан сув оқизиб юзини ювяпти. Сув, албатта, муздай бўлса керак. Бирдан танам жунжикиб кетди. На илож? Ўзимизнинг уйда эркалик қилсам, ярашади. Бу ерда меҳмонман. Авайлаб Асетнинг изидан бир-бир босиб унинг олдига бордим. У ювиниб бўлиб, артина бошлади.

      – Ювин. Ҳозир сочиқ олиб чиқиб бераман.

      Асет уйга кириб кетди. Мен аввал қўлларимнинг учини, кейин юзимни тез-тез ювиб, уйга кириб кетаётганимда олдимдан Асет сочиқ олиб чиқиб қолди. Бўсағада туриб дийдираб артина бошладим.

      – Ҳа, совуқми?

      – Ҳовва.

      – Бўлмаса кийиниб чиқ. Ҳозир исинамиз.

      – Қандай қилиб?

      – Кийиниб чиқ, кўрасан.

      Уйга кириб пальтони, қулоқчинимни кийиб чиқсам, Асет ҳовлининг ўртасида катта фанер тахтадан қилинган ёғоч куракни ушлаб тиржайиб турибди. Чиқишим билан қўлимга тутқазди.

      – Ма, ушла. Мен ҳозир Бойтемирларникини СКАЧАТЬ