Ўртача ёзувчининг қалами остида мелодраматик саҳнага айланиши мумкин бўлган бу лавҳа шундай нозик бир дид, шундай шафқатсиз реалистик бўёқлар билан тасвир қилинганки, мен бу эпизодни романнинг энг зўр жойларидан бири деб ҳисоблайман!
Мана, ўша учрашув, яна ўша икки суйишган қалб, лекин бу сафар илк муҳаббатнинг тотли нафасига маст бўлиб, ўзларини йўқотиб қўйган икки ёш эмас, балки ҳаёт синовларида чиниққан, кўп бўрон ва довуллардан ўтиб, ўзларини тутиб олган икки оқил одам учрашади!
«…Отабек кавушини даҳлизга ечди-да, уй бўйича бир-икки қайта юринди ва энтикиб нафас олди. Шу вақт тахмонга осилган кирпўш ўзўзидан қимирлагандек бўлди. Бу қимирлашни Отабек пайқамади. Ҳалиги қимирлаган кирпўш бирдан очилиб кетиб Отабек чўчиди… Биров тахмондан унга қараб кулимсирар эди…
Отабек титрар эди. Бир оздан кейин иккиси ҳам ўзларини бирмунча тўхтатдилар-да, бирбирларига томон юришиб келдилар ва сўзсизгина қучоқлашдилар…»
Қаранг: қаҳрамонлар на оҳ-воҳ чекишади, на уч йиллик азоб-уқубатларини эслаб кўзёши тўкишади, на бир-биридан ўпкалашади!
Рост, Кумуш кўзига ёш олади, лекин бу – кулги аралаш тўкилган ёш эди. Сўнг… қандайдир маъюс бир нурга йўғрилган қочириқлар, ҳазилмутойибалар бошланади:
«– Сиз… қочқоқсиз! – деди Кумуш.
– Сиз…
– Мен?
– Сиз қувлоқсиз!
– Ажаб қиламан! – деди Кумуш ва шапалоғи билан эрининг юзига секингина уриб қўйди.
– Бу ёққа ҳам…
– У ёққа Зайнаб урсин!
– Зайнабнинг… уришга ҳаққи йўқ!
Кумушнинг кўзида ҳалигача кўрилмаган бир шодлик ўйнади.
– Тўғри айтасизми?
– Тўғри айтаман!
– Мана бўлмаса! – деди Кумуш. Отабекнинг иккинчи юзини ҳам силагандек қилиб қўйди. Яна кулимсирашиб, термилишиб қолдилар…»
Бу маъюс ва ёруғ кулимсирашларида, нозик қочириқларда айтилмаган, айтилишнинг ҳожати ҳам бўлмаган қанча-қанча дарду алам, меҳру оқибат, соғинган юракларнинг талпиниши, ҳарорати, ҳаяжони, нидоси бор!..
Ёзувчи бу лавҳада нозик дид ва меъёрни бирор жойда ҳам йўқотмайди, бутун бир саҳнада битта ҳам ортиқча сўз йўқ.
«Кумуш яна бир кулиб қарагандан кейин уйдан чиқди. Отабек энди тамом ўзини босиб олган, эндиги юрак уриши фақат ҳалиги фаришта томонга ошиқишгина эди».
Ёзувчи учун бундай нозик жойдан «эсон-омон ўтиб олиш» – қилкўприкдан ўтиб олишдай гап!
Ҳар бир ёзувчи яхши билади: кўп кишилар иштирок этадиган саҳналарни ёзиш, айниқса, қийин бўлади. Эҳтимол, шунинг учундир, ҳар сафар романнинг «Қудаларни СКАЧАТЬ