Китобни очаман, «Жодугар ҳинди» деган бобни ўқий бошлайман. Ўзбек ойимнинг ғалати гаплари, Ҳасаналига човут қилишлари, Кумушнинг ҳийлакорликлари ҳақидаги таъналарини ўқиб, қотиб-қотиб куламан, куламан-у тўсатдан бу хотин менга жуда таниш эканини ҳис этаман. Мен бу хотинни – бир маҳалнинг ўзида ҳам меҳрибон, ҳам шафқатсиз, бир қарашда жуда ўктам бўлсада, асли-да ниҳоятда софдил, «думбултабиат» бу аёлни болалигимдан бери танийман. Мен уни ҳар бир қишлоқда, ҳар бир маҳаллада кўрганман. Ҳар бир маҳалла, ҳар бир қишлоқнинг ўз Ўзбек ойими бор, ёзувчи айтгандай, буларсиз на тўй ўтади, на аза! Ҳатто эркаклар ҳам уларнинг маслаҳатисиз иш қилишмайди!
Менинг учун Ўзбек ойим «Ўткан кунлар»даги энг ҳаётий, энг жонли, энг мукаммал образлардан бири! Бу образ Абдулла Қодирийнинг улкан реалист ёзувчи эканлигидан далолат беради. Романга ниҳоятда ҳаётий бир руҳ киритади. Гарчи, эпизодик бўлса-да, Азизбек, Мусулмонқул чўлоқ ва Хушрўйбиби тўғрисида ҳам худди шу гапни айтиш мумкин. Романда бу образлар бўлмасинчи ёки улар сал бошқачароқ, майинроқ бўёқлар билан чизилган бўлсин-чи, Отабек-Кумуш фожиаси эҳтимол оддий мелодраматик бир воқеага айланиб қоларди!..
«Ўткан кунлар»нинг «Қудаларни кутиб олиш» бобида шундай бир жумла бор: «Кумуш салом берди ва қўлидаги паранжисини ерга ташлади, югуриб келиб ўзини Ўзбек ойимнинг қучоғига отди. Ўзбек ойим ҳам уни маҳкам сиқиб қучоқлаб олган, юзидан шап-шап ўпиб, айланиб, ўргилар ва тикилиб-тикилиб нима учундир йиғлар эди…»
Гарчи ёзувчи бу ўринда «нима учундир» сўзини ишлатса ҳам, китобхон Ўзбек ойимнинг «нима учун йиғлашини» жуда яхши тушунади.
Ўзбек ойимдай софдил аёл Кумушнинг гўзаллигини, унинг бўлакча жозибасини, тортинчоқ, уятчан табассумини кўрганида ўзининг ноҳақлигини, унга нисбатан қилган адолатсизликларини, уни бахтсиз қилиб қўйганини тушунмаслиги мумкин эмас эди. Ўзбек ойим, соддадил аёлларга хос бир сезгирлик билан буни тушунган ва ўз қилмишидан пушаймон бўлиб, кўзёши тўкар ва бу билан Кумушдан кечирим сўрар эди…
Бир китобхон сифатида буни мен ҳам сезаман ва беихтиёр кўзимга ёш оламан… СКАЧАТЬ