«Навоий» романи тўғрисида гапирганда, мен унинг тили ҳақида ҳам озгина тўхтаб ўтишни истардим.
Маълумки, роман дастлаб нашр этилган пайтларда китобнинг тили жуда мураккаб эмасмикин, унда эскирган иборалар меъёридан ортиқроқ ишлатилмаганмикин, деган фикрлар ҳам айтилган эди. Роман чоп этилгандан бери ўтган чорак аср бу фикрнинг нотўғри эканини кўрсатгани каби, мен ҳам бу гапларга қўшилолмайман. Чунки тарих ҳақида ёзадиган ёзувчи ўша давр колоритини, ўша давр руҳини яратмасдан туриб, китобхонни ҳикоя қилинаётган воқеа ва ҳодисаларга, яратилаётган кишилар образига ишонтира олмайди. Бу руҳ, бу колорит эса ўша давр тили ва унинг элементларидан фойдаланиш орқалигина яратилади. Бошқа йўл йўқ. Шунинг учун ҳам мен Ойбек домла, Уйғун ака билан Иззат Султон, қолаверса, Мақсуд Шайхзодалар тутган йўлни энг тўғри йўл деб ўйлайман. Мен ҳам «Улуғбек хазинаси» романида шу йўлдан боришга ҳаракат қилдим. Истеъдодли ёзувчимиз Мирмуҳсин ҳам «Меъмор» романида шу йўлни тутган дейиш мумкин. Шунинг учун ҳам биз бой тарихимиз саҳифаларини ёритишда ҳаммамизга йўл кўрсатиб берган устоз Ойбек ва унинг сўнмас ижоди олдида ҳамиша бош эгамиз.
ОЙБЕК ДАҲОСИ
ТАНҚИДЧИ. Ўтган асрнинг биринчи ярми ўзбек маданияти, адабиёти ва санъати учун ўзига хос уйғониш даври бўлди. Бу йилларда худди қадим Ренессанс вақтида бўлгани каби қомусий билим, универсал истеъдод, кўп қиррали ижод соҳиблари етишиб чиқди. Шулардан бири – Ойбек. Адибнинг тўққиз томлик «Мукаммал асарлар тўплами»ни кўздан кечирганда унинг иқтидорига, истеъдод кўламига, ишчанлигига қойил қоласан киши. У ажойиб лирик шоир, қатор эпик поэмалар, драматик достонлар муаллифи; айни пайтда бадиий проза устаси, ўткир публицист, ҳикоя, қисса, хусусан, баркамол романлар муаллифи; шу билан баробар, болалар адабиётининг етук намояндаси, улкан адабиётшунос олим, танқидчи, тарихчи, моҳир таржимон…
ЁЗУВЧИ. Гап фақат Ойбек истеъдодининг серқирра эканида, унинг ҳар хил адабий тур, жанрларда қалам тебратганидагина эмас. У ҳар бир соҳа, адабий тур ва жанрда аксари юксак чўққига кўтарила олган.
ТАНҚИДЧИ. Дарҳақиқат, у шеъриятда ҳам, насрда ҳам, адабиёт илмида ҳам, таржимада ҳам етук аллома! Ойбек лирикаси ҳали адабиётшуносликда тўла кашф этилган эмас. Бу адабиётда улкан бир хазина. Бизда том маънодаги реалистик интеллектуал поэзия Ойбекдан бошланган. Унинг лирикаси ғойиботдан тинч, босиқ-вазмин, аммо унда фикрлар, СКАЧАТЬ