Бошқа ёш профессорлар сингари, Девиднинг университетдан оладиган маоши ҳаминқадар эди. Шу сабабли у вақти-вақти билан Вашингтон атрофидаги ҳукумат агентликларида таржимонлик қилиш орқали қўшимча пул ишларди. Айнан мана шу машғулот унинг Сьюзан билан учрашишига сабаб бўлганди.
Кузги таътил кунлари. Аёзли тонгларнинг бирида Беккер эрталабки спорт машғулотларини бажариб, уч хонали квартирасига қайтганида, телефон аппарати унга овозли хабар қолдирилганидан сигнал бериб, ўчиб-ёнаётган эди. Ярим стакан апельсин шарбатини сипқораркан, Девид аудиони диққат билан тинглади. Бир томондан олиб қараганда, хабарнинг асосий мазмуни, ҳар доимгидек, ҳукумат идораларидан бирида бир неча соат давомида таржимонлик қилишга таклифдан иборат эди. Ягона ғалати жиҳати шунда эдики, Беккер уни ишга таклиф қилган муассаса номини олдин ҳеч қаерда эшитмаганди.
– Улар ўзларини Миллий хавфсизлик агентлиги деб таништиришди. Бу ҳақда нимадир биласанми? – Девид бир неча ҳамкасбига қўнғироқ қилиб, шу саволни сўради, аммо барча жавоблар деярли бир хил бўлди.
– Миллий хавфсизлик кенгаши демоқчимисан?
– Йўқ, кенгаш эмас, айнан Миллий хавфсизлик агентлиги. МХА, – жавоб берди Девид, ишонч ҳосил қилиш учун яна бир бор хабарни текшираркан.
Дўстлари ажабланиб бундай ташкилот ҳақида ҳеч нарса қулоқларига чалинмаганини айтишди.
Шундан кейин Беккер эринмасдан ҳукумат рўйхатидан ўтган муассасалар номини текширди, барибир ҳеч нарса чиқмади. Боши қотиб турганида хаёлига бирга сквош ўйнайдиган эски қадрдони келиб қолди. Ўтмишда сиёсатчи бўлган бу дўсти ҳозирда Конгрессда котиб бўлиб хизмат қиларди. Девид ундан бирор жўяли маълумот чиқишига ишониб адашмаганди. Бироқ дўстининг бу агентликка берган изоҳи Беккерни шошириб қўйди.
– МХА мавжудми дейсанми? Миллий хавфсизлик агентлиги фақат мавжудгина эмас, балки у дунёдаги энг нуфузли муассасалардан бири ҳисобланади. У дунё миқёсида электрон разведка ахборотларини тўплаш билан шуғулланади, шу билан бир қаторда ярим асрдан ошиқроқ вақт давомида АҚШ ахборот тизимини ҳимоя қилиб келмоқда. Қизиғи шундаки, Америка аҳолисининг атиги уч фоизигина бундай ташилот мавжудлигидан бохабар холос. Энди сен ҳам ана шу уч фоиз қаторига кирдинг, табриклайман, – деди дўсти, кулганча хайрлашаркан.
Бу гапни эшитиб Девид иккиланиб қолди, юрагига ҳадик оралади, шундай бўлса-да, барибир қизиқиш устунлик қилиб, сирли агентликнинг таклифини қабул қилди ва Мэриленддаги Форт Мид шаҳрининг кўз илғамас ўрмонли қоялари орасига яширинган, майдони ўн беш гектарни ташкил этувчи МХАнинг бош офиси томон йўл олди. СКАЧАТЬ